Яратилиш ҳикмати

Яратилиш ҳикмати деб номланган ушбу мақолада қуйидаги мавзулар баён қилинади:
Яратилиш ҳикмати;
Европа ва унинг хурофот ва жаҳолат куфридан табиат ва билим куфрига ўтиб бориши;
Ғарб давлатларидаги фитратни инкор этиш ёки фитратни эътироф этиш ҳақидаги сўровлар;
Ғарбдаги иллатлар бизга даво ўлароқ олиб келинди;

اسم الكتاب: حكمة الوجود


تأليف: سفر بن عبد الرحمن الحوالي


الناشر: المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة


نبذة مختصرة: مقالة مترجمة إلى اللغة الأوزبكية، فيها بيان ما يلي:
* الحكمة من الوجود
* أوروبا وتحولها من كفر الخرافة والجهل إلى كفر الطبيعة والعلم
* أسئلة الفطرة بين التنكر لها، والاعتراف بها في دول الغرب
* أمراض الغرب تنتقل إلينا باسم العلاج
* الأسئلة

 

Яратилиш ҳикмати
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        

 

Шайх Сафар Ҳаваалий




Таржимон: Абу Жаъфар Бухорий

Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший

 

حكمة الوجود
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <    
        

 

الشيخ سفر الحوالي




ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1 – Яратилиш ҳикмати
Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
Сўнг ...
Яратилиш ҳикматининг мавзуси ҳар бир мусулмонга маълумдир. Аллоҳ таоло бизни эслатишга буюрмаганида, эслатиш ва хотиралашдаги фойда ва манфаатларни баён қилмаганида, бундай мавзулар ҳақида гапирилмаган бўлар эди. Бироқ инсон билим денгизига ва қандай бўлишидан қатъий назар амал қилишга чуқурроқ киришади ҳамда ўша илм ва амал ортидаги мақсад, асос ва бошланғич нуқтани унутади.
Шунинг учун ҳам, инсон доимо эслатишга эҳтиёжни ҳис этади. Яратилиш ҳикмати эслатишга эҳтиёж қўймайдиган даражада оддий ҳақиқат бўлсада, бу оддий ҳақиқат ҳақида банда тафаккур қилиб кўрса, янги фикр асосида одатий ҳаётидаги оддий ҳақиқатни ҳам ўзгартириб ташлайдигандек ҳис этади.
А) Инсоннинг коинот ҳақидаги саволлари
Бу коинотнинг ортида нима бор? Биз нега яратилдик? Қаердан келдик ва қаерга кетаяпмиз?
Бу саволлар инсонга, маданиятли ёки зиёли, мўъмин ёки кофир бўлишидан қатъий назар келаверади. Бу сифатларига қарамай ҳар бир инсонни ўзи яшаган замон – хоҳ узоқ ўтмиш ёки бу аср ёда келгуси асрлар, муҳити ва маконидан қатъий назар: Мен қаердан келдим? Менинг дунёдаги ғоям нима? Бундан кейин қаерга кетаман?, – деган саволлар чулғаб олади. Бу – Аллоҳ таоло барча бандаларининг қалбига омонат қўйган фитрат-хилқатдир.  
Бу нарса ҳайвонда йўқдир. Чунки ҳайвон қанчалар зийрак бўлсада, ўзи турган лаҳза ҳақидагина фикрлай олади. Масалан, олдидаги майсани қандай ейиш ҳақида. Шунинг учун ҳам, ҳайвоннинг синф ичидаги шахс ва тур ичидаги пода ўлароқ бирон тарихи йўқдир. Чунки у ўз тарихи: ўтмиши ва келажаги, келажакда қаерга кетиши ва ўзининг, турининг ва синфининг оқибати нима билан тугаши ҳақида фикр юрита олмайди. Агар унинг ишини «фикрлаш» деб атайдган бўлсак, фақатгина ўзи турган лаҳза ҳақидагина фикрлайди ва ундан нарига ўта олмайди.
Инсонни эса Аллоҳ таоло ҳайвонлардан талайгина буюк имтиёзлар билан ажратиб қўйган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:
«Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик» (Исро: 70);
«Дарҳақиқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик» (Тийн: 4).
(Ҳа), Аллоҳ таоло одамзотни аъзоларининг тузилиши ҳамда руҳий-ақлий хусусиятлари билан бошқа махлуқотлардан ажратиб, мукаррам қилди.
Шунинг учун ҳам одамзот фикр юритиб ўзига саволлар беради. Бироқ тўғри жавобни олиш ҳаммага ҳам насиб бўлавермайди. Тўғри жавоб Аллоҳ таолонинг хоҳлаган бандасига берадиган лутфу карамидир.  
Б) Яралиш ҳикмати хилқатда марказлашган
Мавзунинг ўзи эса хилқат-фитратда марказлашган. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), энг олий зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) покланг! У (барча нарсани) яратиб, расо қилиб қўйган зотдир. У (ҳар бир нарса учун муносиб йўлни) белгилаб, (У нарсани ўша йўлга) ҳидоят қилиб қўйган зотдир», – дейди (Аъло: 1 – 3).
Пайғамбари Мусо алайҳиссалом тилидан эса:
«(Улар Фиръавн олдига келиб юқоридаги сўзларни айтишгач) у деди: «Сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?». (Мусо) айтди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир»», – дейди (Тоҳа: 49, 50).
Аллоҳ таоло барча нарсага ўз хилқатини бергач, йўл кўрсатган. Яратган, аъзоларини тўкис қилган, вазифаларини ёзган ва уларни бажариш учун йўл кўрсатган. Йўл кўрсатишни Аллоҳ таолонинг ўзи кафолатга олган. Бу ҳам катта неъмат ва Аллоҳ таолонинг марҳаматидир. Тўғри йўлни топишни Аллоҳ таоло биз бандаларнинг зиммасига ташлаб қўймади ва бу буюк ишни ўз зиммасига олдики, усиз башарият ҳаёти ҳеч қачон саодатли бўла олмайди.  
Бу ҳидоятнинг маъноси: Барча инсон тўғри жавобни билади, – деганими? Йўқ, ҳар бир инсон тўғри жавобни билишга муяссар қилинади. Аллоҳ таборака ва таоло бандаларнинг барчасини Аллоҳга иймон келтириш, Аллоҳни таниш ва тавҳид узра фитратлантирган. Аллоҳ бу ҳақда шундай деган:
«Бас (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмас» (Рум: 30).
Инсон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эслатиб ўтганларидек, ҳар қандай ҳолатда ҳам фитрат узра туғилади: «Ҳар бир чақалоқ фитрат узра туғилади. Уни ота-онаси яҳудий ёки насроний ёхуд мажусий қилади» (Имом Бухорий, 1359; Имом Муслим, 6926). Бошқа ривоятда эса: «... миллат узра туғилади», – дейилган (Имом Муслим, 6930; Термизий, 2138). Бу ривоятларнинг барчаси ҳар бир чақалоқнинг Аллоҳ таоло олган аҳдни рўёбга чиқариш учун Ислом ва тавҳид узра туғилишини ифодалайди:
«Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Парвардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172).
Ҳар бир инсон жавоб топишга муяссар қилинган. У, Аллоҳ таоло ўзини Аллоҳга ибодат қилиш учун яратгани, Аллоҳ таолони таниш барча махлуқ интилган олий ғоя ҳисобланиб, ундан кўра устунроқ ғоя йўқ эканини, фақатгина Аллоҳ таоло бандаларини синаганини билади. Бунга Аллоҳ таолонинг Қуръон Каримдаги ушбу ояти далолат қилади:
«Дарҳақиқат, биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилгувчи-мусулмон бўлсин ва хоҳ кўрнамак-кофир бўлсин (тўғри) йўлга ҳидоят қилдик (яъни шукр қилгувчилар Биз уларни ҳидоят қилган Тўғри йўлни — ҳақ динни маҳкам тутадилар, кўрнамак кимсалар эса ўзларига кўрсатилган Тўғри йўлдан юз ўгириб кетадилар)» (Инсон: 3).
Аллоҳ таборака ва таоло яралиш ҳикмати ва одамларни ҳидоят ва ҳидоятни топиш асосида яратганини баён қилиш билан бирга, ҳидоятни топиш синов ва қийналиш эканини ҳам эслатди: «хоҳ у шукр қилгувчи-мусулмон бўлсин ва хоҳ кўрнамак-кофир бўлсин».  Инсон шундай: «хоҳ у шукр қилгувчи-мусулмон бўлсин ва хоҳ кўрнамак-кофир бўлсин» (Инсон: 3).
В) Биринчи жоҳилиятнинг коинот ҳақидаги фикри
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилган ва биз Қурайш ва арабларни назарда тутган Биринчи жоҳилиятнинг коинот ҳақидаги дунёқараши қандай эди? Улар: Туғадиган бачадон, чиритадиган Ердан бошқа нарса йўқ ва замоннинг ўтиб бориши бизни ҳалок қилади, – деб тушунар эдилар. Ҳатто улардан бири:
Ўлим, жонланиш ва Қиёмат,
Умму Амр, билгин, хурофат!
деган эди.
Улар бу коинотнинг ҳикмат ва ғоясини тасаввур қилиша олмас ва ҳаётнинг «туғадиган бачадон», яъни, «чақалоқларни шакллаш», сўнгра охирги босқич «чиритадиган Ер» деб тушунар эдилар. Шунинг учун ҳам улар:
««Чириган суякларга айланиб қолган вақтимизда-я?» Улар (истеҳзо билан): «Ундоқ бўлса бу (бизлар учун) зиён қилгувчи қайтиш-ку!» дедилар» (Нозиот: 11, 12). Яъни, суяклар чириб кетгач, қандай қилиб янги ҳаётга қайтамиз?, – дер эдилар.
Уларнинг тасаввурига кўра: ҳаёт шу дунёдагина ниҳоясига етади ва замон, яъни кун ва тунларнинг ўтиб боришигина инсонларни ўлдириб фоний қилади ҳамда бу дунёнинг орқасида бирон бошқа олам йўқдир.
Улардаги ғафлат ва Аллоҳ таолонинг қалбларига берган кўрлик, шунгагина ундарди.
Шундай бўлсада фитрат уларга қаттиқ босим ўтказарди. Уларнинг ичидан шоирлар етишиб чиқар ва ҳиссиётларини жунбушга келтирар эди. Шоирлар ва нотиқлар бу оламнинг ортида қандайдир бир бошқа нарсалар борлигини, бу коинотнинг туғадиган қорин ва чиритадиган Ердан кўра кўпроқ ҳикмат ва ғояси борлигини таъкидлашар ва буни ўзларининг шеърларида ёзишар эди.  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу буюк дин билан юборилганларида Аллоҳ таоло тарафидан муаззам ҳидоят келди ва Ер юзини қоплаган ва аксари «Нега келдик ва нега яралдик?» саволлари сабабли вужудга келган залолат, ҳайрат ва беқарорликнинг Аллоҳ хоҳлаганича миқдорини йўқ қилди.
Шунинг учун ҳам одамлар ё яҳудий, насроний ва уларнинг издошлари каби ботил нарсаларни дин деб қабул қилишлари ёки қайси динни қабул қилишлари ҳақида ҳайрон бўлиб, жаҳонгашталик қилишлари лозим эди. Салмон Форисий разияллоҳу анҳунинг ҳикояси ҳаммага маълум. У отаси ибодат қилган оташдан воз кечиб, Ироққа ҳижрат қилади. У ерда бир роҳибни кўриб, ундан таълим олади ва насроний динида ибодат қилишга киришади. Бу роҳиб ўлими олдидан бошқа бир роҳибни тавсия этади. У унга, ундан кейин бошқа роҳиб олдига боради ва охири қул қилиб сотилади. У ҳақиқатни излаб Мадинага боради. Чунки у доимо Аллоҳ таолонинг битта дини борлиги ва бу дин на ўзи қабул қилган ва на насроний ва яҳудийлар қабул қилишган дин эканини, балки бошқача ҳақ эканини ҳис этади. Охири Аллоҳ таоло унга  ҳақиқатни кўриш ва уни қабул қилишни муяссар қилади. Салмон Форисий разияллоҳу анҳуга ўхшаганларнинг сони жуда ҳам оз эди. Одамларнинг кўпи ер, ичар, ухлар лекин юқоридаги саволлар ва уларнинг жавоблари ҳақида заррача ўйланиб кўрмас эди.
Ҳақиқий дин ва яралиш сирини ўрганиш ҳақида изланиш саноқли одамларгагина чекланган эди. Чунки одамларнинг кўпи ўзлари эътиқод қилаётган тушунчалардан хотиржам эдилар. Бу мавзу тарихдаги энг муҳим нуқталардан биридир. Чунки яҳудийлар, насронийлар, мажусийлар, бараҳманлар ва бошқа одамлар ўзлари эътиқод қилишган динлари ҳақида: «Бу дин – ҳақ диндир!» дея хотиржам эдилар. Шунинг учун ҳам бу дин хорижидаги коинотнинг яралиш ҳикмати ҳақида изланмас эдилар.

2 – Европа ва унинг хурофот ва жаҳолат куфридан табиат ва билим куфрига ўтиб бориши
Замон ўтиши билан мавзу ўзгариб, жамиятларда хусусан Европа ҳаётида оммавий тарзда кўрина бошлади. Чунки Европа халқлари бошқа халқлар қаршилашмаган нарсаларга дуч келишди. Уларнинг барчаси Ислом маданияти ва Ислом дини билан танишдилар ва бу танишиш Европадаги ҳаёт инсон ҳаёти эмас, ҳайвон ҳаёти ҳатто ваҳшийлик ва барбарлик эканини ўргатди. Натижада европаликлар «Уйғониш асри» деб аталган «лойиҳа»ни ишлаб чиқиб, уйғона бошлашди.
Ислом динига бўлган душманлик, уларнинг Ислом динини қабул қилишларига монеълик қилди. Ислом адолати, ҳидояти ва хотиржамлигидан бебаҳра қолишган бўлсада, мусулмонларнинг «Соф илмий дастур» ва «Назария ва ақлий изланиш»ларидан истифода этишди. Ҳолбуки, черков деб аталмиш «диний ташкилот» европаликларга барча тасаввурни гарчи ақл қабул қилмасада, мажбурлаб ва зўравонлик билан қабул қилдирар эди. Насронийларнинг хурофотларини ақл қабул қиладими? Албатта, йўқ!!  
Бироқ, европача ақл черков хурофотларини қабул қилишга мажбур бўлди. Ислом маданияти билан танишиб, унинг ҳақиқати ва ёғдусидан фойдалангач, европаликлар Ислом дини ва маданиятини қабул қилмаган бўлмасада, черковнинг дини ва маданиятидан воз кеча бошлашди. Черков талқин қилган коинот ҳақидаги «ҳикмат» ва яралиш «сабаблари» ҳақидаги инончлар беқарор бўлди. Зеро европалик одам яралишдан мақсад хатоларнинг каффорати эканини тушунар эди.  
Чунки Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратди ва у, дарахтнинг мевасини еб хатога йўл қўйди. Сўнгра Аллоҳ бутун башарият хатоларига каффорот қилишни хоҳлади ва ягона ўғли – Аллоҳ бу сафсатадан буюк ва олийдир!! – (Ийсо)ни юборди ва у осилди. Шунинг учун черков: Дунё ва охират бахт-саодатини хоҳлаган одам Ийсонинг йўлидан юриши, Ийсога халоскор ва қутқарувчи дея иймон келтириш шарт!, – деб айтар эди. Черков бу гапларни ҳозирги кунгача насронийларга вайсаб келмоқда. Улар инсонни махлуқотларнинг сардори деб эътиқод қилишар ва бу эътиқод коинотнинг ҳикмати ҳақида савол беришга имкон бермай, яралишга қаноат қилиш ва рози бўлишга ундаб келарди.
Буларнинг оқибатида европаликлар черковнинг назарияларидан аста-аста йироқлаша бошладилар. Уларнинг зеҳнида илк бор задаланган нарса, коинотнинг ҳикмати ва ғояси эди.
А) Илк назарияларнинг кашфиёти
Европаликлардан бири бўлган Коперник Қуёш тизимидаги сайёраларнинг Қуёш атрофида айланиши ва бу мажмуъаларнинг маркази Ер эмас, Қуёш эканини илгари сурди.
Мавзунинг бундай илгари сурилиши ғарбликлар учун ўта қаттиқ хатар эди. Чунки улар шу асос асосида фикрлаб, шундай дедилар: Агар Ер коинотнинг маркази эмас экан, инсон ҳам махлуқотларнинг сардори ва коинотнинг саййиди бўла олмаслиги мумкин. Чунки Ер Қуёшга қарам бўлади. Инсон эса қарам бўлган Ерда яшайди. Демак, бошқа махлуқотлар ва бошқа марказлар ҳам бўлиши мумкин.
Черков руҳонийлари бу назарияларга қарши: Масиҳ Ер юзига юборилган ва Ер юзида осилган. Ер – коинотнинг марказидир. Барча сайёралар Ер атрофида айланади. Ер – коинотнинг марказий пойдеворидир, дея қаттиқ кураш бошладилар. Европаликлар черковнинг гаплари асоссиз, Ер Қуёш атрофида айланаётганини билишгач, Ернинг ва инсоннинг черков талқин қилган қиймати қолмади.
Ундай бўлса: Инсон бу дунёга нега келган? Ўртада хато ҳам, бошқа нарса ҳам йўқ-ку?! Одамлар: Черков талқин қилган хато аслида борми ёки йўқми? Ийсо ҳақиқатан Аллоҳнинг ўғлими?, – дея тафаккур қилганлари сайин коинот ҳақидаги ишончлари йўқолиб борди.  
Йиллар ўтиши билан Исак Ньютон Ернинг тортиш кучи борлиги ҳақидаги назариясини илгари сурди. Одамлар: Бу назария коинотни механик шаклда изоҳлади. Демак, коинот, ичидаги барча нарса билан Тортиш қонуниятлари асосида ҳаракатланади ва таъсирланади. Бу қонуниятлар арифметик қонунларга бўйинсунади ва ҳеч қачон хато қилмайди, – дедилар ва черков, насроний руҳонийлар ҳамда Инжиллар талқин қилган таълимотлардан анчагина узоқлашдилар ва янги илмий назарияларга ишона бошладилар.
Б) Янги назарияларнинг кашфиёти
Ўн тўққизинчи асрга келиб европаликлар билан, коинот ҳақидаги черков назарияси ва бу назария олиб келган фикрлар ўртасидаги жарлик кенгайиб борди.
Янги пайдо бўлган назариялардан бири – эволюция, яъни Дарвин назарияси эди. Дарвинчилар: мавжудотларнинг барчаси босқичма-босқич ривожланиш асосида такомиллашган. Улар бир ҳужайрали жониворлардан бошланиб, табиий ривожланиш асосида одамзот даражасига етиб келган, дедилар. Яъни, одамзот ортида бирон хоҳиш, истак ва ғоя бўлмай, у, жараёнлар давомида такомиллашиб пайдо бўлган! Черков ва руҳонийлар айтаётган таълимотларнинг барчаси, давринчиларнинг фикрига кўра, ушбу назария олдида ўз қийматини бутунлай йўқотади!
Агар барча европаликлар жумладан зиёлилар тасаввурида хато ёки осилиш ёхуд Ийсо деб аталган хурофотларга ўрин қолмаган экан, демак, одамзот дарвинчилар айтганидек эволюция қонуниятлари асосида юзага келган ва бу – тўғри назариядир!
Модомики шундай экан, аслида Одам ҳам, хато ҳам бўлмаган. Демак, каффорат ёки бошқа ишга ўрин йўқ!
Европалик инсоннинг коинот ҳақидаги дунёқараши бутунлай ўзгариб, барча динлардан воз кечди.
Фалокат шундаки, ўша ва ўшанга ўхшаш назарияга иймон келтирган европалик инсон ўша даврларда бутун дунёга ҳукм қилар, Буюк Британия, Олмония, Франция ва бошқа Европа давлатлари Ер куррасининг турли қитъаларида мустамлакаларни кўпайтириш мақсадида босқинчилик урушларини олиб борар ва гўё бу, башариятнинг фикр хулосасидек эди.
Шунинг учун европаликлар мустамлакачи оёқлари босган барча оламларга, жумладан, Ислом Оламига ҳам бу фикрларини олиб кирдилар ва ҳар жойда: Инсоннинг ва инсон борлиғининг ғояси йўқ!, – деб жар сола бошладилар. Йигирманчи асрдаги даҳрийларнинг пешвоси ва Янги Дарвинизм Назариясининг отаси ҳисобланган Алдос Ҳексли (Aldous Huxley, 1894 – 1963): Мазкур эволюция одамзотни махлуқотларнинг сардори қилди. Бу тасодифан рўй берди. Агар бирон сув бақаси ёки сичқон одамзот ўрнида бўлса эди, у барча махлуқотларнинг сардорига айланар эди, – деди. Дарвинчиларга бунинг фарқи бўлмагани боис, яралишнинг барча ҳикмат ва маъносини йўқотдилар.

3 – Ғарб давлатларидаги фитратни инкор этиш ёки фитратни эътироф этиш ҳақидаги сўровлар
Юқоридаги гаплар назарий нуқтаи назардан эди. Хўш, у назария инсоннинг шахсий ҳаётига қандай таъсири кўрсатди? Одамлар черков ва унинг ваъзу насиҳатларидан воз кечиб, Инжилларни: Буларнинг барчаси хурофотдан иборат!, – дея ўқимай қўйишди. Ундай бўлса, европаликлар қандай яшашади? Одамзот мақсадсиз яшаши мумкинми? Илмий тарақиёт юксалиб, инсонларнинг кўзларини қамаштирадиган кашфиётлар қила бошлади. Шоирлар, адиблар ва мутафаккирлар пайдо бўлиб, дарвинизм ғоясига тасаннолар айта бошлашди. Чунки инсоннинг бу дунёдаги мақсадлари ҳақидаги саволлар, ҳар бир инсоннинг кўнглида бор эди.
Одамлар: Одамзот тасодифан пайдо бўлгани, унинг ғоя ва мақсадлари йўқлиги мантиқлими?, – дея ўйлана бошладилар.
Ғарблик – Европа ва Америкалик одамларнинг барчаси: Бизнинг одамзот ўлароқ биронта ҳам ғоямиз йўқ! – дейиши, катта ҳайратларга сабаб бўлди.
Шундай экан: Масъаланинг ечими нима бўлиши керак?
Бу саволларнинг бир неча жавоблари юзага келди:
Биринчиси: инкор этиш
Европаликларнинг айримлари: Билимнинг фалсафага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз тажрибахоналарда нарсаларнинг тузилиши ва илмий кўринишлар ҳақида тадқиқотлар олиб борамиз. Жамиятшунос олимлар ижтимоий кўринишлар устида тадқиқот олиб борадилар. Билимнинг фалсафага алоқаси бўлмас экан, биз коинотнинг қандай пайдо бўлгани ҳақида тадқиқот олиб бормаймиз. Чунки, бу мавзу бизни қизиқтирмайди. Коинотнинг қандай пайдо бўлгани ҳақидаги савол, фалсафийдир, – демоқдалар.
Улар фитратга қарши келмоқдалар. Чунки коинотдаги бирон нарса устида тадқиқот олиб боришар экан, улар: Бу нега шундай бўлган?, – деган савол билан юзлашадилар ва юқоридаги жавоблари билан фитратга қарши келадилар ва бунга жавоб бериш бошқаларнинг масъулияти эканини таъкидлашадилар. Биология ёки астрономия ёхуд табиатшунослик  фанларида тадқиқот олиб бораётган олимларнинг бошқа фанлардаги олимларга дахли йўқ. Бошқа фанлар ҳақида ўз олимлари жавоб беришсин. Аммо мазкур олимлар ўз тадқиқотларини олиб боришаётган фанлар бўйича модданинг хоссалари, унинг қандай тузилгани ва қандай вужудга келгани ҳақида гапирсинлар. Хуллас, у ўз билими доирасидагина сўз юритсин.
Жамиятда физика, астрономия ва бошқа фанлар бўйича етук олимлар етишиб чиқдилар ва коинот, ўсимликлар, Аллоҳ махлуқотларининг ажойиботлари ҳақида маълумотлар бера бошлашди. Бироқ уларга: Бу коинот ортида нима бор? Бу коинот қандай пайдо бўлган?, – деб савол берилса, гўё билим – асосий ҳақиқатлар ҳақида тадқиқотлар олиб боришга душмандек: Мавзуни фалсафага айлантирманг! Биз фақатгина илмий мавзулардагина гапирамиз, холос!, – деб жавоб беришар эди.
Уларнинг ҳоли айрим олимлар айтгандек қуйидаги одамга ўхшар эди: Биров уйни узоқ саҳнидан кузатиб, ҳайратга тушади ва: Бу уйни қурган бинокори, тархини чизган муҳандиси, молиялаштирган бадавлат кимсаси бўлиши керак, дейди. Уйнинг ичига кириб эшикларни очгани сайин: Бу уй бировники эмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Уни биров қурмаган ва тарихларини биров чизмаган, – дейди. У нега ташқаридан туриб уйнинг муҳандиси, бинокори ва эгаси борлигига ишонди-ю, ичкарида нақшлар, безаклар ва бошқа нозик ҳайратомуз ишларни кўриб инкор этди?! Уйнинг ҳандасаси, тартиби ва нозик дид билан қилинганини ўргангани сайин: Мен бу уйнинг эгаси ва муҳандиси йўқ эканига ишонч ҳосил қилдим!, – деяпти. Юқоридаги олимларнинг ҳолати ҳам худди шунинг ўзгинасидир.  
Одамзот содда саводсиз бўлганида конотга боқар экан, унинг юзаки кўринишларидангина воқиф бўлади, холос. У булутларни кўриб, булутларнинг осмонга ёпишиб турганини, юлдузларни кўриб уларнинг осмондаги митти чироқлар эканини билар ва коинотнинг илоҳи борлигини ҳис этар эди. Наҳотки, коинот сирларини чуқурроқ билишга ҳаракат қилиш асносида сомон йўлларини, олис сайёраларларни кўргач: Мен бу коинотнинг илоҳи йўқ эканига қаноат ҳосил қилдим!, – деб айтса?! Ахир фитрат ва соғлом ақл бунинг аксига далолат қилмоқда-ку?! Соғлом ақл: Нозикликни кўрганинг сайин коинотни яратган Зот сен тасаввур қилагинингдан ҳам буюкроқ эканини биласан, – демоқда. Юқоридаги олимлар буни унутдилар.  
Иккинчиси: эътироф
Олимларнинг иккинчи гуруҳи Коинотнинг ҳикмати, яралишнинг ғояси борлигини эътироф этишсада, Аллоҳ таолога соғлом иймон келтирмаганликлари ва барча нарсага одилона жавоб берадиган Исломга ишонмаганликлари боис адашдилар ёки мужмал жавоб бердилар. Шулардан:
Бу коинотнинг илоҳи бор, деган асосда кўплаб олимлар Аллоҳ таолога иймон келтирдилар. Бироқ: Инсон бу коинотда нима қилади?, – деган саволга жавоб бера олмадилар ва: Инсон тинчликни рўёбга чиқариши, осудаликни излаши ва фалон ва пистон ишларни қилиши керак, дейишдан нари ўтмадилар.  
Улар қониқарли жавобни топа олишмади. Чунки улар топиш қобилиятига эга эмас эдилар. Шунинг учун бу мавзуни ташлаб, ундан воз кечдилар.
Коинотнинг нозик дид билан яратилгани ва коинотдаги мўъжизалардан ҳайратга тушган уламолардан бири америкалик катта олим, «Билим иймонга чорлайди» китобининг муаллифи Крис Морисон (Chris Morrison)дир. Бу олим даҳрийлик-атеизм фанининг пешвоси Алдос Ҳексли (Aldous Huxley, 1894 – 1963)нинг «Инсон танҳодир» китобига «Инсон танҳо эмасдир» китоби билан раддия ёзган. Уни араб тилига «Билим иймонга чорлайди» номи билан ўгирилган.
Морисон бу китобида коинотдаги саноқсиз нарсаларни, жонли мавжудотлар ҳикматининг нозик тафсилотларини қаламга олган бўлсада, инсоннинг яралиш ҳикмати ҳақида бирон нарса айтмаган. Чунки ғарблик инсон бу ҳақда бирон аниқ маълумотга эга эмас. Фақатгина у Аллоҳнинг ҳайвонот оламига берган ҳидояти ҳақида шундай дейди:
«Уйимизга йилнинг бир фаслида ин қурган қушлар бошқа фаслида инларини тарк этиб, денгизлар оша минглаб милларни босиб бошқа ўлкаларга кетсаларда, сўнгра уйимизга яна қайтиб келишлари ҳайратли ҳодисадир.
Илонбалиқлари икки турли бўлади: Америка ва Европа илонбалиқлари. Атлантика океанидаги сувлар музлай бошлаганида Америка илонбалиқлари Экваторнинг иссиқ минтақасидаги Бермуда учбурчаги томон кўчади ва ўша ерда увилдириқларини ташлаб ўлади. Увилдириқлардан чиққан митти балиқчалар оталари яшаган минтақа –  Америка ёки Европага қайтиб боришади. Музлар эриб, иқлим исина бошлагач маҳаллий кўл ва кўлчаларда митти илонбалиқчаларни кўрамиз.
Бу ерда бир йўлланма-ҳидоят борки, илонбалиқчалар бошқа кўлга эмас, оталари келган кўлга қайтишади!
Бундан ҳам ҳайратлиси, Европа илонбалиқлари босиб ўтган масофа, яъни, Европаниннг ғарбидан то Бермуда учбурчагигача Америка илонбалиқлари босиб ўтган масофадан анча узоқдир. Олимларнинг тадқиқотларига қараганда, Европа илонбалиғининг умри Америка илон балиғининг умрига қараганда бир неча ой узун экан. Бунда гўё масофанинг замон ўлчови назарда тутилгандек. Ҳар бир нарсанинг бошқага тааллуқи бўлмаган ўз ҳисоби ва низоми бордир».
Сўнгра Морисон ўқувчининг эътиборини чумолиларга қаратади: «Тадқиқотларга кўра чумолиларнинг бир неча тури бор. Бир турдаги чумоли «тегирмончилик» қилади. Яъни, ишчи чумоли олиб келган донни тегирмончи чумоли «янчиб» емга айлантириб, бир жойга тўплайди. Янчиш жараёни битиб, омбордаги емни ейиш мавсуми бошланганида ишчи чумоли «тегирмончи» чумолини ўлдиради. Чунки у ҳам емакхўрлик қилса, ем тезда тугаб қолади!».
Демак, тегирмончи чумолининг яратилишида бирон ҳикмат йўқ!! Демак, у ўлиши керак!
Морисон бундан бошқа ажойиботларни ҳам келтиради:
«Ўргимчакларнинг сувда яшайдиган тури бўлиб, улар сувга шўнғиб, инларини сувнинг тубига қурадилар. Сўнгра сувнинг бетига чиқиб, сув пуфакчалари ҳосил қиладилар-да, уни сувнинг тубидаги инларини шишириш учун пастга олиб тушишади. Ин ичида тухумчалар ёки ўргимчак личинкалари бўлиб, улар бўрон ва хатарлардан эмин денгиз тубида вояга етади. Чунки уларнинг ривожланишлари учун зарур бўлган кислород инда мавжуд бўлади. Личинкалар ўргимчак бўлиб етишгач, оналарининг ин қуриш тажрибасини давом эттирадилар ва денгиз тубига янги инлар қурадилар».
Демак, ҳар бир нарсанинг ҳикмати ва ҳар махлуқнинг ривожланиш низоми бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло:
«(Мусо) айтди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир»» деди (Тоҳа: 50).
Агар махлуқот вужудида бу ҳикмат тугаган бўлса, гўё қолишининг аҳамияти қолмаганидек, ўша махлуқотнинг ўзи ҳам тугайди.
● Ўз жонига суиқасд қилиш – вужуд ҳикматини билмаслик натижасидир
Бу гуруҳдаги олимларнинг эътиборини жалб қилган ҳайратомуз кўринишлардан бири – китларнинг сурув ҳолида ўз жонларига суиқасд қилишларидир. Ҳаммангиз улар нега ўзларини ўлдирадилар?, – деб ҳайрон бўлган бўлсангиз керак. Денгиз тубидан девдек китлар сурувси чиқиб ўзини соҳилдаги қуруқликка отади ва ўша ерда ўлади! Ҳамма биладики, сувда яшайдиган ҳайвонларнинг истаги, тезроқ сувга қайтишдир. Уларни сувдан чиқариб олсангиз, сувга қайтиш учун типирчилайди. Аммо китлар ўзини ўлдириш учун қасддан соҳилга уради!  
Олимлар тафаккур қила бошладилар!
Уларнинг айримлари: Китлар вужудининг маъноси ва яшашининг ҳикмати йўқ эканини ҳис этишди. Шунинг учун ҳам ўзларини ўлиш учун соҳилга отишди, – дедилар.
Минглаб одамлар ҳам ўз жонларига суиқасд қилмоқдалар. Нега?! Айтишларича моддий жиҳатдан тараққиётга эришган Скандинавия ўлкалари жумладан Швецияда ўз жонига суиқасд қилиш учун алоҳида касалхоналар қурилган! Ўз жонига суиқасд қилмоқчи бўлган одам ўша ерда рўйхатдан ўтиб, суиқасд қилиш сабабларини ёздириб қўяди!
Бунинг сабаби ўйнашининг тарк этгани ёки ишдан сиқилгани ёхуд қандайдир бошқа омил бўлса, шу маълумотларни ёзиб, махсус хонага киради ва уни махсус усул билан ўлдирилади. Олимларнинг айтишича, соҳилга бориб ўзини ўлдирганидан уни ўлдиришгани афзал! Чунки соҳилдаги суиқасд овчилар ва сайёҳларнинг «кўнглини» бузади!! Агар баланд бинонинг устидан ўзини ташласа, пастдан ўтаётганларнинг устига тушиб зарар бериши мумкин!!
Миллионлаб европаликлар ҳаётларининг маъноси, яралишларининг бирон ҳикмати йўқлигини ҳис этиб, бу дунёга нима учун келиб, қаерга нима учун кетаётганларини билмай, ҳайратлар ичида яшамоқдалар. Насроний шоир Илия Абу Мозий бу маънони шундай ифода этмоқда:
Қаерлардан келиб қолдим билолмайман,
Кўзим тушган йўлни босиб юрдим ҳамон.
Қандай келдим, қандай кўрдим, билолмайман.
Билмаганим недир, уни ҳам билолмайман!
Демак, шоир билмайди ва нега билмаслигини ҳам билмайди!
У диндошлари яшаган ва ҳануз дунёнинг турли бурчакларида яшашаётган ҳаёт ҳақида гапирар экан, коинотнинг ҳикматини топа олмаганликларини эслатмоқда. Бунинг натижаси нима бўлди?! Унинг натижаси кўплаб насронийлар танлаган – ўз жонига суиқасд қилиш бўлди! Улар катта-катта жамоатлар уюштирдилар ва бундан ўн йилча аввал саккиз юз кишидан иборат америкалик гуруҳ Амазонкада ўз жонларига суиқасд қилдилар. Бу ҳодисани эшитган Америка Конгресси уни ўрганиш учун ҳайъат тайинлади.
Ҳайъат олиб борган тадқиқотлар натижасида Америка Қўшма Штатларида бунга ўхшаш икки минг беш юзта турли дин ва эътиқодлар борлиги ва уларга бир миллион ёки ундан кўра бир оз озроқ одам эргашиши, уларнинг ҳар бири бу дунёга нега келгани, қаёққа кетаётгани, ҳаётнинг таъми ва қийматини билмаётгани аниқланган.
Ҳатто бу жамоатлар ичидан айрим гуруҳлар, ўз назарида хотиржамликни ҳис этмагани учун, турмуш тарзи қолоқ бўлган ўлкаларни излай бошлаган. Чунки улар: Технология ва тараққиёт (учоқлар, ракеталар ва фаровонлик) бизнинг йўқ бўлишимизга омилдир. Шунинг учун дунёдаги маданияти энг қолоқ бўлган ўлкаларни изламоқдамиз, – деб айтганлар.   
Шунинг учун улар ярим ибтидоий турмуш кечираётган ва Хитойнинг шимолида жойлашган Непалга кетишмоқда. Непалда яшаётган америкаликлар сони анчагина ва улар ярим яланғочдир. Шундай бўлишига қарамай улар: Муҳими, биз Нью Йорк ва Чикагодан айрилдик. Чигал маданият ҳукмрон бўлган жамиятлардан айрилиб, ажалимиз келгунича бу инсоний муҳитда хотиржам яшаймиз, – дейишмоқда.
Улар ажаллари келишидан илгари озгина бўлсада роҳат ичида яшашни ўйлашаяпти. Шунинг учун таналарига гиёҳванд моддаларни игналар билан юборишаяпти! Бу – ҳайратомуз ҳайронлик бўлиб, улар бу дунёга нега келганлари, нима учун яралганлари ва қаёққа кетаётганларини билмаяптилар!
Улар бу саволларга жавоб топа олишлари мумкин эканини ҳам билишмаяпти ёки бу эсларига келмаяпти. Чунки уларни ташлаб қўйган жамиятлар – тараққиёт, билим ва технология жамиятларидир. Ахир, Аллоҳ таолога иймон келтирмай бу билим ва маданиятнинг қандай қиймати бўлиши мумкин?! Бу иллат мусулмонлар яшаётган ўлкаларга ҳам етиб келди. Бироқ Ғарбдаги ҳодисалар ҳақида гапирсак, анчагина вақт керак бўлади. Ҳолбуки, сизлар ғарб ойномаларидан ғарбликлар ўзларининг қадрсиз турмушлари оқибатида жонига суиқасд қилаётганлари ва уларнинг сонларини кузатиб келмоқдасиз.   

4 – Ғарбдаги иллатлар бизга даво ўлароқ олиб келинди
Бу иллатлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилган ўлкаларга, Қуръон тиловат қилаётган, суннатларни ўқиётган уммат ичига қандай қилиб кириб келди ва нега мусулмонлар ҳам бу дунёга нега келганлари ва қаёққа кетаётганларини билмай қолишди?
● Бу иллатларнинг келиб чиқиш сабаблари
Талайгина ёшлар шу даражага етдилар. Ҳатто  бу дунёга нега келгани ва қаёққа кетаётганини билмайдиган ғарбликлар ортидан юра бошлашди. Ачинарлиси, улар ғарбликларни улуғлашмоқда, мақташмоқда ва турмуш тарзларидан ўзлари учун ўрнак олишмоқда.
Мазкур ғарбликлар – ҳеч тафаккур қилмайдиган, биронтаси ўзига: Биз нега келдик ва ўлимдан кейин қаерга кетамиз?, – дея савол бермайдиган кўр ва соқовдирлар. Айрим мусулмон ёшлар уларга издош бўлиб улардан: Бизга ҳаёт йўлимизни чизиб беринглар! Биз ҳам ҳаётимизнинг билимга асосланган ва социал ҳаёт бўлишини хоҳлаймиз! Биз сизлар юрган йўлдан одим отаяпмиз!, – демоқдалар. Ўзининг муаммоларига ечим топа олмаётган кўр ва соқовнинг бошқаларга ечим топиб бериши ақлга сиғадими?!
Бунинг сабаби шундаки, ғарблик инсон ўз динига боқиб, унинг дунёдаги энг афзал дин эканини кўрди ва шундай бўлсада ундан воз кечди ва ўзига: Ҳақиқатан, менда ҳидоят бор экан. Менинг динимдан кўра мантиқсизроқ бўлган бошқа диндаги одамлар мендан тажрибаларни олиши керак. Чунки мен ҳаётнинг айрим жиҳатлари ҳақида башарий тажрибаларни орттирдим. Жумладан, динимни ҳам тарк этдим. Бошқа динга эътиқод қилганларнинг менга эргашишлари ва мендаги тажрибаларни олишлари мантиқлидир. Агар улар насроний динида хурофотлар борлигини тасаввур қилишса, Ислом динида ундан кўра кўпроқ хурофотлар бор, – деб айтди.  
Бу – уларнинг тасаввурларидир. Агар биз уларга эргашиб изларидан юрсак ва ҳаёт йўлларини қабул қилсак, уларнинг тасаввурларини тасдиқлаган бўламиз. Бу – биз хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам бўлажак. Унда биз Ғарб оламига гўё: Биз ўзимиз эга бўлмаган ҳақиқат сизда бўлгани учун сизга эргашаяпмиз. Сиз насронийлик хурофотларидан воз кечганингиздек, биз ҳам Ислом хурофотларидан воз кечаяпмиз, – дегандек бўламиз, наъузу биллаҳ!
Бу – воқеъликдир. Айрим тақлидчилар: Биз уларнинг динларини олмаймиз, – дейишади. Ундай бўлса улардан нимани олаяпсан! Улардан ҳаёт дастурингни олмаяпсанми?! Ҳаёт дастурининг ўзи – диндир ва улар бундан бошқа нарсага эга эмаслар. Чунки улар динларидан воз кечишган. Исломга таасссуб қилганлари учун ҳам, айрим диний анъаналарни ҳаётларига татбиқ қилиб юришади, холос.
Агар уларнинг динларини Исломга таққосланса, уларнинг барчаси динига таассуб қилиб: Бизнинг динимиз ҳақ, Ислом эса ботилдир, – дейишади. Агар уларга: Динингиз ҳақида билимнинг фикри қандай?, – деб савол берилса: Динимиз ақлий ва илмий жиҳатдан ботилдир, – дейишади. Исломга қиёслансагина динимиз ҳақиқатдир. Чунки динимиз кўп хотинликка ижозат бермайди, хотин-қизларни ҳаёсизлик ва бошқа нарсалардан маҳрум этмайди. Ислом – маданият ва тараққиёт олдида ғов бўлиб туради, – дейди.  
Шу ердан Аллоҳ таоло биз мусулмонларни кофирларнинг йўлларидан юриш ва уларни дўст қилиб олишдан қуйидаги оятда нега қайтарганини очиқ ҳис этамиз:
«Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар!» деди (Мумтаҳана: 1).
Аллоҳ таоло бизни улардан огоҳлантирди. Агар улар бизга ҳақиқат ва ҳидоятни беришмоқчи бўлишса, у нарсалар уларнинг қўлида йўқ! Улар мўъмин ва мусулмонларга қарши гина ва кудуратни ташиб юришади. Улар бизга нисбатан макр, ҳийла ва ҳалокатни режалаштириб, бирон яхшиликни хоҳлашмайди!
Агар улар Ислом Уммати учун яхшилик қилишни қасам ичиб айтишса, ёлғончидирлар. Улар яхшиликни хоҳлашди, деб фараз қилинганида ҳам, улар ўзини табиб деб ҳисоблаган жоҳил инсон мисолида бўладилар. Ундай жоҳил бировни даволамоқчи бўлса, ўлдириб қўяди. Чунки, у табиб эмас.
Ғарбликлар ҳам табиб эмаслар. Улар Ислом динини йўқ қилишга қасддан ҳаракат қилаётган қотиллардир. Улар Ислом умматининг бир онда ўз шавкатига эга бўлиб қолишини хоҳламайдилар. Мен ўзининг бу дунёга нега келгани ва қаёққа кетаётганини билмаган жоҳил, бошқаларга йўл кўрсата олмаслигини билиш учун баъзи сабабларни келтираман.
● Ёрқин сабаб ва мушоҳадалар
Европалик олимларнинг динлар ҳақида олиб боришаётган тадқиқотлари жуда ҳам кўп.
Улардан баъзилари бараҳманлик динини ўрганиш учун Ҳиндистонга бориб, ўша дин олимлари билан кўришадилар, улар билан бирга ўтириб динлари ҳақида маълумот оладилар: нарсаларга бўлган муносабатларини ўрганадилар. Бараҳманлик дини ҳақида бараҳманлардан ва уларнинг «муқаддас» – Будда ва бошқа ислоҳотчиларнинг китоблари бўлмиш асосий манбаъларига таяниб тадқиқотларини бойитадилар.
Ислом дини ҳақида ёзишмоқчи бўлсалар, биронта шарқшуноснинг мусулмон уламолар олдига келиб, ундан маълумот олганини эшитганмисиз?! У ўз маълумотларини Ислом динида ишончли ҳисобланган манбаълардан олаяптими?! Қуръоннинг ишончли тафсирларидан мисол ва далил келтираяптими?! Йўқ! У Қуръон, суннат ва ҳатто оддий мусулмонларда бўлмаган «ҳайратомуз хурофотлар»ни ифтиро қилиб айтаяпти ва мисли кўрилмаган даражада адашаяпти!
Масалан, шарқшуносларнинг энг юқори табақаси ҳисобланган «Исломий Билимлар Доираси»ни Ғарб ҳурмат қилади ва илмий ишларини юксак баҳолайди. Шундай бўлишига қарамай уларнинг катта чўпчаклари бўлиб, улар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Масалан, улар Иблис ҳақида: Қуръонда айтилишича Иблис учта тухум қўяди. Бу тухумларнинг ҳар биридан ўзига хос турдаги шайтонбаччалар етишиб чиқади, – дейишади. Айтингларчи, бу гапларни Қуръон Каримнинг қайси сураси ёки оятида ўқигансизлар?! Шунга қарамай улар муҳтарам зиёлилар бўлиб, «илмий ҳақиқатлар» ва «илмий тадқиқотлар» натижасида гапиришади! Нега улар Ислом ҳақида гапиришганида ифтироларни тўқийдилар-у, бошқа динлар ҳақида гапиришганида шошқалоқлик қилмай манбаъларга мурожаат этишади? Нега тадқиқотларида илмий қиймати бўлмаган ашулалар ва Минг бир кеча ёки улардан бошқа чўпчаклар билан тўлиб-тошган китоблардан ҳужжат келтиришади-ю, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонини тилга олиб, ундан ҳужжатлар келтиришмайди?! Чунки уларнинг ичи Ислом ва мусулмонларга нисбатан адоват билан лиқ тўладир. Бу – илмий жиҳатдандир.
Ҳаётий тарафдан эса, Хитой ёки Ҳиндистон ёхуд бошқа ўлкада бирон ҳодиса рўй берса, ғарбликлар қандай муносабатда бўлишаётганини яхши билсак керак?!
Улар бу ҳодисаларга оддий кўз билан қарашади ва хабарларни ўз манбаъсидан олишади: экстремистик гуруҳлар ёки исёнчилар ёки бошқаларнинг раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказишади, уларнинг ва ҳукуматдагиларнинг фикрларини ўрганишади. Буларнинг барчаси улар ҳақида ёлғон ва ифтиро хабарларнинг тарқалмаслиги учундир.
Мусулмон ўлкалардаги ҳодисаларга эса хоҳлаганларича баҳо берадилар, воқеани жойида ўрганмайдилар. Воқеага тааллуқли мусулмонлардан: Бу ҳақдаги фикрларингиз қандай? Сиз нега бундай дедингиз?, – деб сўраб ҳам ўтиришмайди!
Шунинг учун ҳам кўплаб исломий масалаларнинг ҳақиқатини исломий ойнома ёки рўзномалардан кечикиб бўлсада ўрганамиз. Гоҳида аниқ хабарлар жуда ҳам кеч келади ва: Бунинг асли бундай бўлган экан, деб эшитамиз. Ғарб радио студиялари ва матбуоти ҳодисани бутунлай фарқли ёритган бўлади! Бунга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.
Муҳими эса, улар бу дунёга нимага келганлари ёки нима учун яралганларини билмайдилар ҳамда Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирмайдилар. Улардан мусулмонлар учун бирон яхшиликни кутилмайди. Улар ўз дунёларида ҳам инсонларга лойиқ ҳаётни яшай олмайдилар.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳайвон ўз умрини лаҳза-лаҳза яшаб ўтказади. Ўтган ҳаёти ёки келажаги ҳақида фикр юрита олмайди. Ғарблик одамларнинг кўпи ҳақида сўраганимизда, уларнинг ҳайвон каби ҳаёт кечиришларини: ўша куни ҳақида фикр юритгани, қандай бедор бўлиши, қандай ўйнаши ва қандай маишат қилиши ҳақида ўйлашини айтиб беришди. Улар бу дунёа нега келгани ва қаёққа кетаётганини билмайдилар!
Биз бунинг ҳозирги кунда ғарбликларгагина хос эмас, балки бутун жаҳонга ёйилганини унутмаслигимиз керак.
Шунинг учун ҳам коммунизм ва шарқий Европа давлатлари (яқин кунларгача) асосланган моддий диалектика дунёқараши инсоннинг асосий матлаблари ғизо, маскан ва жинсий алоқа, яъни ҳайвоний матлаблардангина иборат эканини баён қилади. Ғарб олами ҳам шу тушунчададир. Ҳаётнинг қайси жабҳасига қарамайлик ва умумий алоқалар ёки ижтимоий изланишлар ёхуд иқтисодий мавзуларни ўрганмайлик, уларнинг барчасининг: Жамиятлар, давлатлар ва шахслар интилаётган ғоя – иқтисодий фаровонлик, имкони қадар катта моддий даромад, тараққиёт ва иқтисодни қўлга киритиш эканини кўрамиз. Ғарб ва Шарқнинг матлаби – ҳайвоний матлаблар, ҳайвоний дунёқарашлардан иборат бўлиб, уларда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога бўлган иймоннинг асари ҳам қолмади.

5 – Саволлар:
● Башариятни бахтиёр қиладиган маданият
Савол: Мен маданият мавзуси ва унинг жамиятга берадиган таъсирига катта эътибор бераман. Дунё ўзининг аввалги ҳолатига яна бир бор қайтадими? Инсонни бахтиёр қиладиган ва инсонийлик камолотига эриштирадиган маданият қайсидир?
Жавоб: Савол берган одамнинг: «Бу дунё ўзининг аввалги ҳолатига яна бир бор қайтадими?» дейиши: «Инсон ҳозирги мавжуд маданиятини йўқотадими?» деган маънони англатмоқда.
Мен шундай дейман: Инсон ҳаёти юксалиб, пасайиб туради. Ҳатто айрим европалик тадқиқотчилар биздан илгари ҳам бизникидан кўра каттароқ моддий тараққиётларга эришган маданиятлар бўлгани ва кейин ё атом портлаши ёки бошқа қандайдир сабабларга кўра емирилганини таъкидлашмоқда.
Ҳаётнинг юзаки тарафсиз моддий технология тараққиётининг мавжудлиги ёки йўқлиги эса, башарият ҳаётининг ҳар бир босқичида ва халқларнинг даражасига қараб юксалиб, пасайиб турган. Яъни, гоҳида бир халқ моддий тараққиётда бошқа халқларга пешво бўлган, гоҳида эса бу пешволикни бошқа халқларга топширган.
Шунинг учун ҳам Америка Қўшма Штатлари илгари Япониядан қўрқар эди. Энди эса Япония ва АҚШ (Шимолий) Кореядан қўрқишмоқда. Бунинг на дин ва на ҳидоятга алоқаси бор. Ҳар бир халқ моддий жиҳатдан иқтидорга қодир бўлиши мумкин. Бироқ унинг қўлидаги иқтидор мудом қолиши мумкинми? Иймон ва тақво асосида бўлсагина мудом қолиши мумкин. Акси тақдирда қолиши мумкин эмасдир.
Агар иймон, тақво ва Аллоҳнинг амрига эргашишга асосланган маданиятлар гуноҳ, маишатпарастлик ва фисқу фужурга берилганда инқирозга учрар экан, моддиюнчилик ва даҳрийликка асосланган маданиятлар ҳақида нима дейиш мумкин? Улар Аллоҳ таоло Ер ва Ер устидаги нарсаларни мерос қилиб берадиган авлод келгунига қадар, келиб-кетиб тураверади.
Қиёмат қоим бўлаётган пайтдаги одамлар моддиюнчилик маданиятининг энг юқори чўққисида бўлишади. Ўша пайтда уларнинг моддиюнчилик маданиятининг чўққисига яқинлашган бўлишлари ҳам айтилган. Улар турли миллат ёки бир-бирига қоришиб кетган халқлар бўлиши ҳам айтилган. Саҳиҳ ҳадисларда Масиҳуд Дажжолнинг чиқишига оз қолганида мусулмонларнинг римликлар билан от устида уруш қилишлари ҳам айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Мен уларнинг отларининг исмларини биламан. Улар отларини зайтун дарахтларига боғлаб қўйишади», – деганлар (Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривояти. Имом Муслим 2899). Ушбу ҳадис уруш воситалари тез кунда замонавий воситалар билан эмас, тарихдан маълум бўлган моддий воситалар билан бўлишини кўрсатмоқда. Валлоҳу аълам. Бу ҳам Аллоҳ таологина биладиган ғайб ишлардан биридир.
Хуллас, инсонни бахтиёр қиладиган ва уни инсоний камолот даражасига олиб чиқадиган маданият, Ислом динига асосланган маданиятдир. Аллоҳ таоло айтди:
«Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир», деди (Оли Имрон: 19).
Бошқа динга асосланган маданият, инсонларни бахтиёр қила олмайди. Бу маданият Ислом дини Аллоҳ таолонинг Қуръони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати, аҳли суннат ва жамоат эътиқодигагина асосланади. Ҳар қандай «Ислом»га эмас, фақатгина соғлом эътиқодга асосланган Исломга асосланади.
Мана шу маданиятдагина инсон дунё ва охиратда бахтиёр бўла олади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«(Аллоҳ) айтди: Ундан (яъни жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз»» (Тоҳа: 123, 124).
Ислом – дунё ва охиратдаги муваффақият ва бахтиёрлик омили бўлиб, ундан юз ўгириш дунё ва охиратдаги ҳалокат воситасидир.
● Яралиш ҳикмати ҳақидаги назарий эътирофлар кифоя қилмайди
Савол: Инсон Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун яратилган. Бунга иқрор бўлган, бироқ аксини қилган одамнинг ҳукми нима?
Жавоб: Ҳар бир мусулмондан: Нега яратилдинг ва яралишингдаги ҳикмат нима?, – деб сўралса: Мен Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун яратилганман, – деб жавоб беради. Хўш, шунинг ўзи кифоями?! Сиз мусулмонларнинг кўплаб воқеъларига бир қаранг.
Агар айтган гапи назарий бўлса, унинг воқеъда иймонсизлар ҳаётини яшаётгани маълум бўлади. Шунинг учун назарий эътирофнинг ўзи етарли эмас. Бунга бўлган иймонимиз чин эътиқодга айланиб, ҳаётимизни Аллоҳ таоло амр қилган соғлом иймон ва Аллоҳнинг машруъ қилган динига риоя қилиш билан ўзгартириши ва амалларимизни ҳаракатга келтириши керак.
Мана шугина соғлом иймондир ва бунга бугунги кунда Ислом уммати эҳтиёжни ҳис этмоқда. Аммо коинотнинг яралишидаги ҳикмат, ўзимнинг яралишимдаги ҳикматнинг ибодат қилиш эканини назарий билиб амал қилмаслик, иймонни зеҳндаги фалсафий масалага айлантириб қўяди. Бунга европалик ҳам иймон келтириши мумкин бўлсада, унинг ҳаётига ҳеч қандай ижобий таъсири бўлмайди.

● Дин ва маданият
Савол: Дин – маданий тараққиёт жумладан технология тараққиётига ғов бўлади, – деган гапга қандай раддия беришимиз керак? Чунки бундай гаплар мозийда ҳам, ҳозирги кунда ҳам кўп учраган ва учрамоқда.  
Жавоб: Бу саволга жавоб беришдан илгари «дин» нима эканини батафсил айтиб ўтишимиз керак.
Агар европалик одам ёки бутпараст ҳинд ёхуд Хитойлик будавий: Дин – маданият тараққиёти олдида ғовдир!, – деса биз: Тўғри, сизларнинг динингиз тараққиёт олдида ғовдир. Чунки, у динларни сизлар ўзингиз ўйлаб топгансиз. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини илоҳ қилиб олдилар», деган (Тавба: 31). Сизларнинг динингиз Аллоҳ таоло нозил қилган дин эмас, – деймиз.
Ислом динини Аллоҳ таоло нега нозил қилди?
Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:
«То, Ҳа. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун нозил қилмадик», деган (Тоҳа: 1, 2). Яъни, бу дин башарият бахтиқаро бўлиши учун нозил бўлмади.
«Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас» (Тоҳа: 123).
Демак, ушбу динни Аллоҳ таоло бизнинг саодатимиз учун нозил қилган. Модомики бу дин бизнинг саодатимиз учун нозил қилинган экан, биз туяларни миниш ўрнига технология билан юксалиб, учоқларни минишимиз керак. Айтингларчи, Ислом дини буни ҳаром қилганми?!
Бандаларидан мутлақ беҳожат ва чексиз карам соҳиби бўлган Аллоҳ, биз учун Ердаги барча нарсани яратиб, Ернинг устида юришга:
«У (Аллоҳ) сизлар учун Ерни ҳокисор-бўйсунгувчи қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (сайр-саёҳат қилиб ё тижорат билан, ёки деҳқончиликни касб қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқ-рўзидан енглар. Ёлғиз Унинг ҳузурига тирилиб чиқиш-қайтиш бордир», дея амр этган (Мулк: 15), покиза нарсаларни ҳалол қилган, коинот ҳақида тафаккур қилишга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингга фойдали бўлган нарсаларга ҳарис бўл!» деб айтганларидек (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривояти. Имом Муслим, 2664) коинотдаги ўзимизга фойда келтирадиган барча воситалардан фойдаланишга ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек: «Аллоҳим, бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳасанотлар ато эт ва жаҳаннам оловидан асра!» (Анас разияллоҳу анҳу ривояти. Имом Бухорий, 6389; Имом Муслим, 2690) деб дуо қилишимизга буюрган Аллоҳ таолонинг дини, бизни дунёвий ишларни қилишга, дунё ва охират ҳасанотларини қўлга киритишга тарғиб қилди ҳамда бутун дунёга пешво бўлиш, унда раббоний ҳақиқат, адолат ва ҳидоят билан ҳукм қилишни талаб қилди. Шундай дин, маданият ва тараққиёт қаршисида қандай ғов бўлиши мумкин?! Зеро, Ислом – ҳақиқий маданиятдир.
Агар «маданият» дейишдан мақсад Исломдан бошқа нарса бўлса, масалан, яланғоч юриш бўлса, Ислом унга энг катта ғовдир! Агар технология қудрати билан Аллоҳнинг бандаларига калондимоғлик қилиш, гиёҳванд моддаларни тарқатиш «маданият» ҳисобланса, Ислом унинг қаршисида катта тўсиқ бўлиб туради. Чунки, бу қабилдаги «маданият» инсониятни саодатга эмас, бахтиқароликка олиб боради.
Бандаларидан беҳожат ва ҳамду саноларга лойиқ бўлган Аллоҳ таоло бизга дунё ва охиратимиз учун манфаатли бўладиган нарсаларнигина машруъ қилди. У бизга зарарли ва бизни қийнайдиган нарсаларни машруъ қилишдан улуғ ва олийдир. Бундан нафақат мусулмонлар балки Аллоҳнинг аҳкомларига рози бўлган, мусулмонларга итоат этган, уларга жизъя берган кофирлар ҳам фойдаланишлари ва осуда ҳаёт кечиришлари ҳамда хоҳлаганларидек ибодат қилишлари мумкин.
Агар динимиз динимизга иймон келтирмаган ва юзаки итоат этган одамларга ҳам манфаат келтирар экан, Исломни бутунлай татбиқ қилаётган мусулмонга манфаатни қандай келтирмаслиги мумкин?!  
Шунинг учун ҳам Ислом дини бутун инсониятга раҳбар бўлиши, бутун халқларни олдинга йўллаши керак. Бу эса Аллоҳнинг ҳидояти ва шариатига қатъий риоя қилинсагина амалга ошади.

● Ҳиндуизм, будавийлик ва бошқа динлар – ботилдир
Савол: Ер юзида ҳиндуизм ва будавийлик сингари асли самовий дин бўлгани ва кейинроқ ўзгартирилгани иддао этилаётган динлар бор. (Бу динлар ҳақиқатан самовий бўлганми?). У динлар охират кунига иймон келтириш борасида бизнинг динимиз билан ҳамоҳангдир. Шуни менга тушунтириб берсангиз.
Жавоб: Аллоҳ таборака ва таоло:
«(Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи — пайғамбар ўтгандир», деган (Фотир: 24). Ер юзида яшаётган ҳар бир халққа Аллоҳ таоло:
«Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўъминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб» юборган (Нисо: 165).
Лекин айрим халқлар пайғамбар олиб келган динни ўзгартирганлар, алиштирганлар. Ҳозирги кунда мавжуд бўлган динлар Аллоҳ таоло нозил қилган тавҳид ва шариатларнинг бузилган кўриниши ёки тинимсиз ўзгаришлар мажмуъасидир. Ёхуд мазкур динлар аслида бузуқликлар бўлган динлар бўлиб, уларга асрлар оша ўзгаришлар кириб келгандир. Чунки ҳақиқий динларга ҳам бидъатлар кирган. Бундан ташқари одамзот ўйлаб топган динлар ҳам бўлиб, уни бузилган илк динларга нисбатлашлар ҳам содир бўлган.
Натижада, залолат ва қинғирликлар тўпланиб, ҳозирги кунда мавжуд бўлган ҳолатга етиб келинган. Шунинг учун ҳам, Будда аслида пайғамбар бўлган ва унга будавийлик дини нисбатланганми ёки илк будавийлар Будданинг издошларидан бўлишганми ёки Будда пайғамбар динини бузиб «будавийлик» динини ўйлаб топганми?, – била олмаймиз.  Буни ёлғиз Аллоҳ таологина билади! Чунки будавийликнинг тарихи кўҳна бўлиб, у ҳақда:
«Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларингиз ўзларингиз учундир. Ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз» (Бақара: 134) деб, «Аллоҳнинг наздидаги ҳақиқий дин – Исломдир. Ундан бошқалари Аллоҳ таоло қабул қилмайдиган ва эътиқод қилганлар Аллоҳнинг жаннатига кирмайдиган балки дўзахий бўладиган ботил динлардир», – дея ишонамиз.

● Дарвин назариясига раддия
Савол: Дарвин назариясига қандай раддия бериш мумкин?
Жавоб: Дарвин назариясига бериладиган жавобнинг икки томони бор.
Биринчи томон: Биз мусулмонлар, алҳамдулиллаҳ, ўз динимизга ва эътиқод қилаётган Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига юракдан иймон келтирганмиз. Аслида, биз дарвинизм билан ҳеч ҳам таъсирланмаймиз. Чунки Ислом ўлкаларида дарвинизм бирон макондан жой ола олмайди. Чунки биз мусулмонлар онгли ёки жоҳил бўлишимизга қарамай, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгани, одамзот сулоласи Одам ва Ҳавво алайҳимассаломлардан тарқаган эканига қатъий ишонамиз. Бошқа жонзотларга тааллуқли мавзулар бизни ортиқча қизиқтирмайди.
Агар одамлар Аллоҳ таолонинг у махлуқотларни яратгани ва уларни бир-бирларини дунёга келишларига сабаб қилганини исбот этишган бўлса, бунинг зарари йўқ.
Аммо улар: У махлуқотлар табиий туғилиш йўллари билан ёки ўзлари айтишаётган хурофотлар воситасида дунёга келган, – деб айтишаётган бўлса, албатта, уларга раддия берамиз.
Биринчи томон, ҳар бир мусулмонга аён бўлган, Қуръон ва суннат воситасида диний раддиядир. У ҳақида ким шубҳага борса, Қуръоннинг очиқ маъноларини рад этгани боис кофир бўлади.
Иккинчи томон, соф илмий раддия. Ғарбнинг буюк уламолари дарвинизмга қаттиқ раддиялар беришган. Илмий раддиялардан бири, эволюция назарияси: «Турлар узвий равишда ривожланиб, бошқа янги турларни келтириб чиқаради. Ҳар бир тур бошқа турларни келтириб чиқаради. Кетма-кет занжирли ривожланиш йўли билан фарқли турлар вужудга келади», – деган асосга асосланади. Бу – замондош уламолар раддия берган дарвинизм назариясининг хулосасидир.  
Улар шундай дейдилар: Дарвин бу назарияни ёзган пайтида на у ва на бошқа олимлар ирсият ташувчилари – генлар ҳақида маълумотга эга эмас эдилар. Генлар Дарвиндан кейин кашф қилинди. Ҳар бир ҳужайра ўз турининг генларини ташийди. Яъни инсоннинг митти ҳужайраси буюк инсон наслини ташиб юради. Шунинг учун, масалан: Эгизаклар бир-бирига жуда ҳам ўхшашади. Чунки улар ўзаро яқин бўлган икки ҳужайрадан дунёга келган. Бироқ бир-бирига барча аъзоларида уларчалик ўхшаш бўлган одамлар йўқ. Шу боис узвга тааллуқли фарқлар ҳам борлигини мулоҳаза этиш керак, – дейишади.  
Генетика – ирсиятни ўрганиш ҳақидаги янги кашф этилган фан бўлиб, унинг воситасида ҳайратомуз ажойиботлар ўрганилмоқда.
Дарвин ва унинг сафдошлари бу фандан бехабар эдилар. Улар айтган гаплар қуруқ назариядан бошқа нарса эмас. Бу назария ҳайвонлар ўртасидаги ўзаро ўхшашликка асосланган, холос.
Дарвинчилар ҳайвонларнинг фақатгина зоҳирий ўхшашликларига боқиб хулоса чиқардилар. Биз чуқур илмий тадқиқотларга, ҳужайра ва ҳужайрага тааллуқли нарсаларга назар ташласак, ҳайвонлар ўртасидаги катта фарқларга гувоҳ бўламизки, бу турдаги ҳайвоннинг у турдаги ҳайвондан тарқалганини айтиш маҳол бўлади.
Бу, ғарблик кофир биологларнинг дарвинизм назариясига берган кўплаб раддиялардан биридир.

● Динга қатъий риоя қилиш, душманларга қарши курашдаги асосий қуролдир
Савол: Ғарб адовати ва ҳамлаларига Ислом Оламида ва Ғарб мамлакатларида қандай қаршилик кўрсатиш мумкин?
Жавоб: Бу савол бизни шу саволдан ва мавзудан кўра каттароқ мавзуларга олиб боради. Яъни, биз доимо коммунизмга, даҳрийликка ва кириб келаётган хорижий назарияларга, ғарб матбуоти олиб бораётган қоралаш кампанияларига қарши қандай курашишимиз кераклиги ҳақида сўраймиз.
Мен бу ҳақда шундай дейман: Ҳаққимизда гапираётган одамларнинг оғизларига этак тутиб бўлмайди. Ҳатто Шарқ ва Ғарбнинг шарридан омонда бўладиган босқичга етишимиз ҳам қийин. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган:
«Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар» (Бақара: 120).
«Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз. Парвардигорингизнинг Ўзи етарли етакчи ва ёрдамчидир» (Фурқон: 31).
Биз бугунги кунда, айрим уламолар айтишаётганидек, Ислом динига мансублик солиғини бераяпмиз. Қандайми?! Бизда, Аллоҳ билганидек, озгина Ислом бўлса ҳам, ғарбликлар бизга комил мусулмондек боқмоқдалар!
Айрим мусулмонлар бутунлай коммунист ва социалист бўлиб кетдилар. Бироқ рус империализми уларга «дум»дек боқишмоқда. Европалик коммунистлар биринчи даражада, осиёлик ёки африкалик коммунист иккинчи даражада бўлса, мусулмон ўлкалардан етишиб чиққан коммунистлар коммунистларнинг энг охиргиси ёки рўйхатнинг энг охиридадир!!
Ғарбда ҳам бирон мусулмон ўз дунёқараши, ҳаёти ва барча нарсасида «ҳақиқий америкалик» бўлган бўлсада, унга бошқа америкаликлар каби қаралмайди. Чунки у пастроқ даражадаги «америкалик»дир. Балки америкалик мусулмон яшаётган ҳаёт, Америка ҳаётининг энг паст даражасидир.
Шунинг учун ҳам: Матбуот, зино, ҳаёсиз клублар ва эркак ва аёлнинг аралишишига қандан қарши курашамиз? Булар Америкада таъқиқланганми? Йўқ!
Сиз, масалан, биронта америкаликнинг эркаклар ва аёллар аралаш бўлган клубга аъзо бўлиши билан айблангани ҳақида эшитганмисиз? Лекин, нега биронта мусулмон ўша клубларга кетса қоралайсиз? Биз бундай саволлар келгач, алҳамдулиллаҳ, бу ҳам катта неъмат. Чунки ўша клубга кетаётган мусулмон Исломга мансубликни ифодаламоқда. Гарчи америкаликларнинг ўзлари буни айб ҳисоблашмаса ҳам, бунинг солиғи ўлароқ барча туҳматлар унга ёғилмоқда. Биз бу солиқни беряпмиз!
Душманларимиз бизга қарши матбуотлари ёки бошқа воситалари билан ҳеч қачон жим турмайдилар. Биз ҳам душманларимизни маломат қилмаслигимиз керак. Чунки бу Аллоҳ таоло айтганидек, ўзимиздан келиб чиқмоқда:
«Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан» (Оли Имрон: 165).
Биз Аллоҳ олдида ўзимиздан ва барча нарсадан жавобгармиз. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога иймон келтиришимиз, динимизга қатъий риоя этишимиз керак. Шугина биздан барча ёмонликларни даф қилади. Шундай бўлсада, душманлар бизни қоралаб, гапираверадилар. Лекин биз уларга эътибор бермаймиз. Хуллас, бизнинг ўз динимизга қайтишдан бошқа йўлимиз йўқ. Агар Европадаги юзлаб радиостанцияларни, Америкадаги юзлаб рўзномаларни бизни мақташлари учун кирага олсак ҳам, душманлар тасаввуридаги ҳаққимиздаги фикрларини ўзгартира олмаймиз. Агар ҳаққимизда қоралаш кампанияларини тўхтатиш учун миллионлаб долларни берсак, улар бирон манфаатлари учун бир оз тўхтасаларда, кейин бошқа тарафдан ўз билганларини қилаверадилар.  
Аллоҳ таоло одамларни яратгач, уларнинг айримларини мўъмин ва айримларини кофир ва бунисини унисига душман қилиб қўйди. Агар хаёлимизда бирон кофирни рози қилиш ёки ундан меҳру шафқатни кутиш бўлса, жуда қаттиқ хато қилган бўламиз. Тўғриси эса, улар ҳаққида Аллоҳ таолонинг ҳукми ва шариатини жорий қилиш ҳамда Аллоҳ амр қилганидек муомала қилишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизлар¬га ҳеч қандай зарар қила олмайди» (Оли Имрон: 120).
Яъни, сабр ва тақво билан. Аммо оммавий ахборот воситаси ёки бошқа нарсалар билан уларни рози қилиш, биздан уларнинг марку ҳийлаларини тўса олмайди.

● Фарзандларни тўғри соғлом ибодат асосида тарбиялаш
Савол: Фарзандларимизни тўғри тушунчалари билан соғлом ибодат асосида қандай тарбия қилишимиз мумкин?
Жавоб: Ўзимиз ва фарзандларимизни тўғри маънолари билан ибодат қилишга ўргатишимиз керак. Айрим одамлар Ислом дини ҳақида фаровонлик, молу мулк, уйланиш ва бошқа ундай ва бундай ишларга қарши курашадиган дунёнинг душмани деган тушунчада бўлишади.
Бу – тўғри ибодат бўлмаса, бир адашган инсоннинг: Энг афзали мен фаровон ва неъматлар ичида яшайман, молу мулкни топаман, ишлайман, ишлайман ва яна ишлайман, дейиши ҳам нотўғридир.
Биз бу одамга ўхшамайлик!
Айрим одамлар эса, Ислом динининг енгиллик ва қулайлик эканини, унга Ислом ҳақида гапирсангиз: Дин – қулайликдир!, бирон нарса ҳақида сўрасангиз: У – жуда ҳам осондир. Чунки – дин енгилликдир! – Эркак ва аёлларнинг аралаш юришлари-чи? – Енгилликдир!. – Рибо-чи? – Қулайликдир! – Етимларнинг молини ейиш-чи? – Ҳадеб қаттиқлик қилаверманг, қулайликдир!, – дейди. ...
У, барча нарсани мубоҳга айлантиради, Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилади. Натижада, жамият ва одамлар ҳар иккисидан ҳам ҳайратга тушади. Униси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳд ва тавозу ҳаётини яшадилар деса, буниси: Аллоҳ таоло:
«Айтинг, (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!»» демоқда (Аъроф: 32). Бу динга ким қаттиқлик қилса, дин унга ғолиб келади, – демоқда. Ҳар иккисининг ҳам «ўз» далиллари бор. У ҳам ҳақиқатнинг бир бўлагини, бу ҳам ҳақиқатнинг бир бўлагини гапирмоқда!
Аммо соғлом ибодат ва соғлом тарбия, Аллоҳ таоло айтганидек, ҳақиқатни бир бутун олсакгина амалга ошади:
«Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни, Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)!» демоқда (Бақара: 208). Яъни, Исломга бутунлай кирингиз! Шундагина Ислом сиз учун бу дунёда соғлом ҳаёт тарзини кафолатлайди, ишлашга тарғиб қилади, дунё билан ғурурланишни таъқиқлайди ва пок нарсаларни ҳалол қилади, дунёга берилиб кетиш ва охиратни унутишни таъқиқлайди. Бу – барча ишлардаги мутаносиблик ҳисобланади.
Аллоҳ учун қуллик – ҳаётдаги барча ишларимизнинг Ислом таълимотларига мувофиқ бўлиши билангина тўкис бўлади. Унинг бир тарафи иккинчи тарафига ғулув қилмаслиги керак. Шундагина ҳаётимиз соғлом, Аллоҳ учун қилган ибодатларимиз тўғри бўлади ҳамда ҳаётимиз аввалидан охиригача ибодатга айланади. Ҳатто эркакнинг хотини учун озиқ-овқатлар олиб келиши ҳам ибодат ҳисобланади. Эрнинг рафиқаси билан жинсий алоқа қилиши ҳам садақа бўлади. Мусулмонларга фойдали бўлган нарсалар ҳақида ўйлаш ва ҳаракат қилишда ҳам ажру савоблар бўлади. Ва ҳоказо ...
Биз дунёга қарши дунё бўлгани учун, зуҳд ва дунё ва дунёнинг зийнатларидан воз кечишга динимиз қулайлик бўлгани, пок нарсаларни ҳалол, ифлос нарсаларни ҳаром қилгани учун кураш олиб бормаймиз.
Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

 


Мундарижа

 

саҳифа    Мавзулар    م
1    Яратилиш ҳикмати    1
9    Европа ва унинг хурофот ва жаҳолат куфридан табиат ва билим куфрига ўтиб бориши    2
14    Ғарб давлатларидаги фитратни инкор этиш ёки фитратни эътироф этиш ҳақидаги сўровлар    3
24    Ғарбдаги иллатлар бизга даво ўлароқ олиб келинди    4
31    Саволлар    5